Латвиялик аудиторлар томонидан Ҳисоб палатасида тренинглар ўтказилди

Латвия Давлат назорати (Олий аудит органи) ходимлари Ўзбекистон Ҳисоб палатасида амалий ташриф билан бўлди. Бу латвиялик аудиторларнинг иккинчи ташрифи ҳисобланади. 

Маълумот ўрнида: Латвия Давлат назорати – мамлакатнинг мустақил, коллегиал идораси бўлиб, давлат ва муниципал бюджет маблағлари аудити билан шуғулланади. Унинг мақоми Конституцияда белгиланган. 1918 йилда тузилган. ИНТОСАИ, ЕВРОСАИ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби тузилмаларда фаол идора ҳисобланади. Европа Иттифоқи ва НАТО каби нуфузли ташкилотларнинг таркибий қисмларини ҳам аудитдан ўтказади.
 
Учрашувда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ушбу идорада ҳозирда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Сўнгги даврда Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини аввалги молиявий текширишлардан халқаро стандартлар асосида аудит ўтказишга қаратиб, давлатнинг профессионал хулоса берувчи ва баҳоловчи аудит органи сифатида қайта шакллантирилгани таъкидланди.
 
Латвиялик меҳмонлар, шунингдек, Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
 
 
 
 
 
Латвия Давлат назорати аудиторлари томонидан Ҳисоб палатаси жамоаси учун “самарадорлик аудити” мавзусида 30-соатли махсус ўқув-тренинг курслари ташкил қилинди. Унда Ҳисоб палатасининг 30 га яқин ходими иштирок этди.
 
 
 
 
Тренингда самарадорлик аудитининг асосий хусусиятлари ва тамойиллари ҳақида батафсил маълумот берилди. Самарадорлик аудитини режалаштириш, маълумотларни таҳлил қилиш, хавфларни аниқлаш, уларни баҳолаш ва далилларни олишга эътибор қаратилди. Ички сифат назорати, аудиторлик хулосаси ва ҳисоботини тайёрлаш ҳамда мувофиқлаштириш йўналишларига урғу берилди.
 
Ўқув тренинглар жонли, интерактив форматда бўлиб ўтди. 
 
Томонлар халқаро стандартлар асосида аудит ўтказиш масалаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга келишиб олдилар.
 
 

29 Май 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея